Каттақўрғонда лалмикор майдонларда нўхат етиштириш бўйича вилоят семинари бўлиб ўтди

2-Iyun, 2025-yil

Каттақўрғонда лалмикор майдонларда нўхат етиштириш бўйича вилоят семинари бўлиб ўтди

Каттақўрғон тумани Қўшҳовуз маҳалласида жойлашган “Яҳё бобо асл боғлари” фермер хўжалигида Самарқанд вилояти миқёсида “Лалмикор майдонларда нўхат етиштириш тажрибалари” мавзусида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Семинар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги режа-жадвали асосида, Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳамда Каттақўрғон тумани қишлоқ хўжалиги бўлими ҳамкорлигида ўтказилди. Унда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи олимлар, вилоят ва туман қишлоқ хўжалиги бўйича ҳоким ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги бўлимлари масъуллари, карантин инспекциялари ҳамда лалми майдонларда етиштириш билан шуғулланувчи фермерлар иштирок этдилар.

Тадбир доирасида “Яҳё бобо асл боғлари” фермер хўжалиги раиси Рустам Шодмонов ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, мазкур хўжалик 32 гектар майдонда боғдорчилик ва дуккакли экинлар йўналишида фаолият юритиб келмоқда. Жумладан, жорий йилда 20 гектар лалми майдонга замонавий томчилатиб суғориш усулида нўхат экилиб, юқори ҳосилдорликка эришиш мақсад қилинган. Қайд этилишича, замонавий технология ёрдамида гектаридан 1,5–2 тонна ҳосил олиш кўзда тутилмоқда. Солиштириш учун, оддий усулда бу кўрсаткич 500–600 килограмм атрофида бўлар эди.

Семинар якунида иштирокчилар лалмикор ерларда ҳосилдорликни ошириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашдилар ва бу тажриба кенг оммалаштирилиши лозимлигини таъкидладилар.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech