Иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар хавфсизми?

24-Yanvar, 2025-yil

UzA | Расмий канал

Иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар хавфсизми?

uza.uz • 10 января в 22:44

Бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги умумий майдони 466 гектар бўлган 326 та иссиқхонада сабзавот маҳсулотлари ва цитрус мевалар етиштирилмоқда.

Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг маълумотларига кўра, бу иссиқхоналарнинг 12 тасида экинлар гидропоника усулида, 280 тасида эса тупроқда парваришланади. Иссиқхоналарда ҳозир асосан помидор, бодринг, қалампир, картошка ва бошқа сабзавот экинлари, лимон, мандарин, турли хил кўкатлар етиштирилмоқда. Бу маҳсулотлар ички бозорга чиқарилиши билан бирга хорижга экспорт қилинмоқда.  

Маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришда сифат асосий масала ҳисобланади. Шу боис бошқарма фитосанитар инспекторлари томонидан вилоятдаги иссиқхона хўжалиги билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига экинлар парвариши бўйича зарур маслаҳат ва тавсиялар берилмоқда.

– Бугун бизнинг олдимизда иссиқхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли етиштиришга кўмаклашиш ва экспортбоплигини ошириш, турли хил зараркунанда ва ҳашаротлардан ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш вазифаси турибди, – дейди вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Самарқанд  туман бўлими фитосанитар давлат инспектори Элёр Ортиқбоев. – Бу борада маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб ходимлар бириктирилган. Улар аҳоли хонадонларида бўлиб, иссиқхоналар ҳолатини кўздан кечирмоқда ва зарур тавсияларни бермоқда. Жумладан, Самарқанд туманида айни пайтда 106 гектар ер майдонини эгаллаган 81 та иссиқхонада маҳсулот етиштирилмоқда. Масалан, Ўзбеккент маҳалласи иссиқхоначилари помидор ва бодринг етиштириш билан шуғулланаётган бўлса, Миришкор, Оқмачит, Янгиобод, Гулобод маҳаллаларида қулупнай етиштирилади. Яқинда Қумзор, Деҳнав, Даштобод, Жарқишлоқ, Ширинбод маҳаллаларидаги аҳоли хонадонларида мавжуд иссиқхоналарда зарарли ҳашарот ва организмларга қарши курашиш бўйича маслаҳатлар берилди. Шунингдек, феромон тутқичлар, зараркунандаларга қарши биомаҳсулотлар тарқатилди.

[gallery-21206]

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech