Экспорт салмоғи ошмоқда uza.uz • 3 марта в 21:26 Баъзида фалон давлатга юборилган қишлоқ хўжалик маҳсулоти сифатсизлиги учун юртимизга қайтарилибди, озиқ-овқат таркибида зарарли моддалар борлиги учун қабул қилинмабди, деган гап-сўзлар қулоғимизга чалинади. Шундай пайтда маҳсулот экспортга чиқарилиши

5-Mart, 2025-yil

Экспорт салмоғи ошмоқда

uza.uz • 3 марта в 21:26

Баъзида фалон давлатга юборилган қишлоқ хўжалик маҳсулоти сифатсизлиги учун юртимизга қайтарилибди, озиқ-овқат таркибида зарарли моддалар борлиги учун қабул қилинмабди, деган гап-сўзлар қулоғимизга чалинади. Шундай пайтда маҳсулот экспортга чиқарилишидан олдин текшириб кўрилмаганмикан, сифати кафолатланмаганмикан, деб ўйланасиз.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда Самарқанд вилоятидан 277 миллион АҚШ доллари қийматидаги 223 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари дунёнинг 57 давлатига экспорт қилиниб, аввалги йилга нисбатан 104 миллион долларлик кўп маҳсулот сотилган.

Жорий йилда ҳам бу борада барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, январь-февраль ойларида 89,6 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари хорижга йўналтирилди. Ушбу экспорт операцияларини ўз вақтида ва белгиланган тартибларга риоя этган ҳолда амалга оширишда вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Хорижга чиқарилаётган маҳсулотлар бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари фитосанитар назорати инспекторлари томонидан назорат тартибида кўрикдан ўтказилиб, органик тозалиги, экспортбоплигига эътибор қаратилмоқда. 

– Президентимиз раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича 2024 йилда амалга оширилган ишлар якунлари ва жорий йилги асосий режалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлашда ички истеъмол бозори билан чекланмасдан, экспортни янада кўпайтириш вазифаси белгилаб берилди, – дейди Самарқанд вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси масъул ходими Б.Ғаниев. – Жумладан, бу йил 3,5 миллиард долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини хорижга йўналтириш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди. Бинобарин, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш учун харид қилинган ускуналарга 1 миллиард сўмгача субсидия ажратилиши тадбиркорлар учун имтиёз, яратилаётган қулайлик ҳисобланади.

Вилоятнинг Самарқанд туманида ўтган йилнинг январь-февраль ойларида 8,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинган. Ушбу йўналишдаги имкониятлар ва экспортчиларнинг қўллаб-қувватланиши натижасида жорий йилнинг дастлабки икки ойида бу кўрсаткич 9,8 миллион АҚШ долларига тўғри келмоқда. Мисол учун, “Самрид-трейд” Ўзбекистон-Латвия қўшма корхонасида майиз, ўрик, олхўри, ёнғоқ ва бошқа маҳсулотлар Туркия технологияси асосида қуритилиб, қадоқланган ҳолда асосан Европа давлатлари, шунингдек, Хитой ва Мўғулистонга экспорт қилинмоқда. Бу ерда кунига 20-25 тонна маҳсулот қайта ишланиб, қадоқланади. Тумандаги “Нуршодбек-экспорт” масъулияти чекланган жамиятида ҳам карам, ер ёнғоқ, ловия сингари маҳсулотлар қуритилиб, Россияга етказиб берилмоқда. 

Оқдарё туманида ҳам жорий йилнинг икки ойида хорижга сотилган 3,9 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотларининг 1 миллион доллари “Усмон-Афробил” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги корхона ҳиссасига тўғри келди. Асосан дуккакли маҳсулотларни экспортга чиқарадиган корхона март-апрель ойларида яна 3,5 миллион долларлик товар етказиб бериш бўйича шартнома тузган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech