Бугун дунёдаги вазият, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, кўпроқ маҳсулот етиштиришни тақозо этади. Айниқса, чўп суқса кўкариб барг ёзадиган, йилнинг деярли барча кунлари қуёшли бўлган бизнинг заминимизда ҳам қишлоқ хўжалиги майдонларидан унумли фойдаланиш, йил давомида
UzA | Расмий канал
Дала чети эътибордан четда эмас
uza.uz • 19 ноября в 16:48Бугун дунёдаги вазият, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, кўпроқ маҳсулот етиштиришни тақозо этади. Айниқса, чўп суқса кўкариб барг ёзадиган, йилнинг деярли барча кунлари қуёшли бўлган бизнинг заминимизда ҳам қишлоқ хўжалиги майдонларидан унумли фойдаланиш, йил давомида бир неча марта ҳосил олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қарорда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини самарали ташкил қилиш ва кўпайтириш орқали мамлакатнинг экспорт кўрсаткичларини ошириш белгиланган.
– Мазкур қарор билан дала четлари ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тизимини такомиллаштириш бўйича янги тартиб жорий этилди, – дейди Самарқанд вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси масъул ходими Бахтигул Ғаниева. – Унга кўра, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига дала четларида ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида маҳсулот етиштириш, қишлоқ хўжалиги субъектларига уруғ ва кўчатлар етказиб бериш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни экспортга йўналтиришни ташкил қилиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, йил давомида даромадли экинлар экиш ва уларни экспорт қилиш учун мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорларнинг талабларини ўрганиш вазифаси топширилган. Шундан келиб чиқиб, бошқармамиз томонидан дала четларидан самарали фойдаланиш, сув тармоқлари атрофидаги майдонларда тўқсонбости экинлари экиш борасида аниқ вазифалар ишлаб чиқилди. Жорий йилда бу борада амалга оширилган ишлар, экилган мевали дарахт кўчатлари хатловдан ўтказилиб, зарар кўрганларини янгиларига алмаштириш, кўчат ва уруғ етиштирувчи тадбиркорлар билан фермер хўжаликлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш чоралари кўрилди. Дала четлари ва канал атрофларидаги майдонлар мунтазам тозаланиб, бу жойларни иккиламчи ижарага бериш тартиблари такомиллаштирилди. Шу билан бирга 2026 йилда дала четларидаги майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари экишнинг прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, вилоятдаги 878 фермер хўжалигининг канал ва коллектор атрофидаги жами 786 гектар майдонида экин экилади, 610 минг дона мевали дарахт кўчати ўтқазилади. Айни пайтда туманларда дала четларидаги майдонларда тўқсонбости экинларини экиш ишлари тўлиқ якунланди ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазиш ишлари давом этмоқда.
Дала четларидан самарали фойдаланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга ички фитосанитария сертификати бир йил давомида бепул берилади. Дала четларига экилган «in-vitro» усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бир мевали пайвандтагли кўчатга 25 минг сўмдан ошмаган ҳолда Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан белгиланган тартибда субсидия ажратилмоқда. Агентлик ходимлари қарор билан белгиланган бошқа имтиёз ва енгилликлар бўйича фермер ва тадбиркорлар, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири